Ўзбекистон интернетни бошқариш бўйича музокаралар БМТ доирасида ўтказилишини илгари сурмоқда

Бразилия президенти Дилма Руссельф ташаббуси билан мамлакатда икки кунлик NetМундиаль ўтказилмоқда. АҚШ миллий хавфсизлик агентлигининг махфий дастурлари кенг миқёсда кузатувларнинг олиб борилгани бу конференцияни ўтказишга туртки берди.

Ўтган ҳафта АҚШ интернет манзилларини тақсимлаш ваколатини қисман бўлишишини маълум қилган эди. Маълумки, Америка ҳозирги кунда интернет кодлари ва рақамлаштириш тизимини тартибга соладиган орган — Internet Assigned Numbers Authority (IANA)да назорат қилади.

BBC’нинг ёзишича, конференцияда айнан интернетни ким бошқариши масаласи кўриб чиқилади, бу борадаги таклифлар ўртага ташланади. Чунончи, 850 нафардан ортиқ ҳукумат расмийлари, академиклар, техникавий экспертлар, хусусан, интернет “отаси” сэр Тим Бернерс-Ли ҳам ушбу тадбирда қатнашмоқда.

e8153f56-0f47-4678-8eba-8bfc6928a22d

Бразилия ахборот технологиялар сиёсати вазири Виргилио Алмеиданинг айтишича, ривожланаётган мамлакатлар интернетни бошқаришда кўпроқ ролга эга бўлиши керак. Аммо бу масалада халқаро ҳамжамиятнинг фикри турлича.

Масалан, АҚШ интернет бошқарувини 2015 йилнинг сентябрига қадар “глобал мульти-манфаатдор ҳамжамият”га ўтказилишини мақсад қилган. Бир гуруҳ инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилотлари буни қўллаб-қувватлашди.

Виргилио Алмеиданинг айтишича, конференцияда нафақат интернетни бошқаришда, балки мажбуриятларни ҳам тақсимлаш масалалари кўриб чиқилади. Конференциянинг якуний ҳужжати лойиҳаси тайёрланган бўлиб, у тадбирда кенг муҳокама қилиниши кутилмоқда. Ҳужжат мажбурий аҳамиятга эга бўлмаса-да, уни қабул қилиш ҳам осон кечмаслиги аниқ.

Хитой, Россия, Тожикистон ва Ўзбекистон ушбу масаладаги кейинги музокаралар БМТ доирасида ўтказилиши кераклигини назарда тутувчи норма ушбу ҳужжатда акс этишини таклиф қилмоқда.

Аммо АҚШ, Австралия ва бир қатор Европа мамлакатлари БМТнинг интернетни бошқариш бўйича бундан аввалги қарорига қаршилик қилган эди. Уларнинг фикрича, интернет бошқаруви ҳукуматлар томонидан назорат қилинмайдиган гуруҳга ўтиши керак.

АҚШ Давлат департаментининг фикрича, конференция ҳужжати турли баҳсли шартномалар ёки халқаро битимлардан кўра, халқаро миқёсда кибержиноятга қарши курашиш ва кибер хавфсизликни таъминлашга қаратилиши керак.

Саудия Арабистони вакиллари ҳужжат ўзаро келишилмаганини ва тўлақонли эмаслигини ҳамда бу унинг нуфузли ҳужжат сифатида қабул қилинишига салбий таъсир қилишини айтган.

Европа Комиссияси вице-президенти Ниле Кро “аниқ ва амалга оширса бўладиган вазифалар” ҳужжатда акс этишига розилик билдирди.

Буюк Британия вакиллари эса ўзгаришга ундаш яхши эканлигини қайд этиб, аммо амалдаги моделдан кўра яхшироқ янги моделни ривожлантириш мураккаб эканлигини тан олди.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон, Хитой, Россия Федерацияси ва Тожикистон делегациялари 2012 йилда БМТда халқаро ахборот хавфсизлигини таъминлаш соҳасида хатти-ҳаракатлар қоидаларини қабул қилиш таклифини илгари суради.

Қоидаларнинг асосий мақсади давлатларнинг ахборот ҳудудидаги ҳуқуқ ва мажбуриятларини белглашдан иборат. Резолюция лойиҳасида ушбу Қоидаларга исталган давлат кўнгилли асосда қўшилиши мумкинлиги белгилаб қўйилган.

Қоидаларга кўра, давлатлар “душманона ҳаракатларни, тажовуз актларини амалга ошириш, халқаро тинчлик ва хавфсизлик таҳдидларини яратиш ёки ахборот қуролини ёки тегишли технологияларни тарқатиш учун ахборот-коммуникация технологияларидан, жумладан тармоқдан ҳам фойдаланмаслик мажбуриятини олади”.

Қоидаларда ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда амалга оширилаётган жиноий ёки террорчилик фаолиятига қарши курашишда давлатларнинг ҳамкорлик қилиши ҳақида сўз боради.

Ҳужжатда террорчилик, экстремистик ва айирмачилик характеридаги, шунингдек давлатларнинг сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий барқарорлигига, уларнинг маданий ва маънавий турмуш тарзига путур етказувчи ахборотнинг тарқалишини тўхтатиб туриш таклиф этилади.

Шунингдек, унда Қоидаларга қўшилган давлатлар “Интернет ресурсларининг адолатли тақсимланишини таъминлаш, барча учун очиқ бўлишига ёрдам бериш ҳамда Интернетнинг барқарор ва хавфсиз ишлашини кафолатлаш имконини берувчи тармоқни бошқаришнинг кўп томонлама, шаффоф ва демократик халқаро механизмларини яратишга кўмаклашиш” мажбуриятини олади.